23 минг 400 гектар янги токзорлар барпо қилинади

 

Мамлакатимизда экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрида 45 та узум нави мавжуд. Тизимга ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари томонидан маҳаллий шароитга мос, ҳосилдор маҳсулот етиштириш имконини берувчи “Ризамат”, “Кишмиш сўғдиёна”, “Гўзал қора” ва “Тарнау” каби кўплаб хўраки-кишмишбоп, шунингдек, “Мускат Узбекистанский”, “Тошкент” ва “Рангдор” сингари техник узум навлари яратилди. Айни пайтда ҳудудларда мазкур узум навлари соҳибкорларимиз томонидан парваришланмоқда.

Шунингдек, маҳаллий навлардан ташқари Франция, Италия, Германия, Грузия ва бошқа давлатлардан интродукция қилинган сифатли вино, вино материаллар ҳамда шампан винолари тайёрлаш имконини берувчи узум навлари ҳам экилмоқда. Жумладан, 2018 йилда қарийб 2 минг гектар ер майдонида саноатбоп узум навли токзорлар барпо этилди. Тизим корхоналарига сифатли узум хом ашёсини етказиб бериш, экспортга тайёр “Ўзбек бренди” остида виночилик маҳсулотларини олиб чиқишни йўлга қўйиш мақсадида 2019-2021 йилларда 23 минг 400 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилиш режалаштирилган.

Токзорлардан юқори ҳосил олишда замонавий технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Агентлик хузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 35 гектардан кам бўлмаган майдонларда янги узумзор барпо қилган шахсларга артезан қудуқлари қазиш, насос станцияларни ўрнатиш учун 120 миллион сўм, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган хўжаликларга ҳар гектарига 8 миллион сўмдан субсидия ажратилади. Бундан ташқари, ток кўчатларини харид қилиш учун эса паст фоизли узоқ муддатли кредитлар ажратиш йўлга қўйилмоқда. Мазкур майдонларга ҳосилдор кўчатларни етказиб берувчи давлат ва хусусий шериклик асосида агрокомплекслар ҳам ташкил этилади.

А.Мусаев, ЎзА

Токзорларни томчилаб суғориш технологиясини автоматлаштиришда mitech.uz билан хамкорлиг қилинг. Биз билан осон ва сифатли махсулот яратинг.

 

Top